Озодбек Назарбеков ёшлар билан учрашув давомида чўнтагидан дўппи олиб кийди

Озодбек Назарбеков ёшлар билан учрашув давомида чўнтагидан дўппи олиб кийди

Маданият вазири Озодбек Назарбеков 20 декабрь куни пойтахтда «Тошкент ёшлар форуми–2021» доирасида ёшлар билан бўлиб ўтган учрашувда ижтимоий тармоқларда вазирлик ходимларининг дўппи кийиши ҳақидаги муҳокамалар бўйича тўхталди. Бу ҳақда «Дарё» хабар бермоқда.

Учрашув чоғида Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти 3-курс талабаси Самандар Мирзаев Озодбек Назарбековнинг дўппида кириб келишини кутганини билдирди.

Шундан сўнг маданият вазири чўнтагидан дўппини олиб, бошига кийди ва «Энди саволингизни ҳам дўппида берасиз», дея ҳазил қилди. Озодбек Назарбеков ижтимоий тармоқларда вазирлик ходимларининг дўппи кийиши ҳақидаги муҳокамаларга ҳам изоҳ бериб кетди.

«Мана шу дўппи масаласи кўтарилишини билиб чўнтагимга солиб келгандим. Ўрни келганда айтиб ўтсам, бу мавзу ижтимоий тармоқларда анча муҳокама бўлди. Лекин бу муҳокама бўлишга арзийдиган ишми, йўқми? Менимча, ёшлар хулоса чиқаргансизлар. Ўзбекистонда яшаётган ҳар бир миллат вакили ўз бош кийимини тарғиб қилиш ҳуқуқига эга. Буни ҳеч ким негатив ўлароқ тарқатишга ҳаққи ҳам йўқ, унга тақиқ қўйишга ёки қандайдир эътироз билдиришга ҳаққи йўқ», – дейди у.

Маданият вазирининг сўзларига кўра, шу кунларда ёшлар орасида бошқа миллатларнинг бош кийимларига ишқибоз бўлиш, уларни кийиб, тарғиб қилиш кўпаяётгани ҳақида гапирди.

«Шунинг учун бу нарса бизнинг ўз бош кийимимиз бор ва у бошқа миллатларнинг бош кийимидан кам эмас, деган маънода таклиф этилди. Ким қабул қилади, ким қабул қилмайди, ўзининг ихтиёрида. Лекин шахсан мен ўзбеклигимдан фахрланаман», – дея қўшимча қилди Назарбеков.

Улашинг:

EnglishRussianUzbek
Free counters!
error: Content is protected !!