Шавкат Мирзиёев — «Буни уддалай олмаган ҳоким менга керак эмас»

Шавкат Мирзиёев — «Буни уддалай олмаган ҳоким менга керак эмас»

Шавкат Мирзиёев 21 декабрь куни ер ҳисоби ва давлат кадастрларини тўлиқ шакллантириш, соҳага рақамли технологияларни жорий этиш масалалари юзасидан ўтказган йиғилишда ер балансини тўғри тасарруф этиш масалалари ҳақида гапирди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар қилди.

Таъкидланишича, Асака ва Шаҳрихон туманларида ўтказилган хатловда 74 мингта хонадоннинг (жами хонадонларнинг 65 фоизи) ер ажратиш қарори йўқлиги, 4,5 мингтаси (4 фоиз) муҳофаза зоналарда қурилгани маълум бўлган. Ушбу туманлар ер балансида аҳоли пункти ерлари 2 минг гектар деб кўрсатилган бўлса-да, ҳақиқатда 10 минг гектар ерлар уй-жой билан банд бўлиб турибди.

Шу муносабат билан келгуси йил якунига қадар 6 миллионта кўчмас мулк объектларини хонадонбай хатловдан ўтказиш топширилган. Бунда ҳар бир маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари ўз ҳудудидаги ҳолатни таҳлил қилиб, кадастр идораларига беради.

Хатлов натижаси билан бино-иншоотларнинг электрон харитаси яратилиб, аҳоли учун қулай ва очиқ-ошкора онлайн платформага жойлаштирилади.

«Ер балансини тўғри юритиш, ерни асраб-авайлаш ҳокимларнинг конституциявий мажбурияти ва асосий вазифасидир. Буни уддалай олмайдиган ҳоким менга керак эмас», — деган давлат раҳбари.

Топшириқлар ижросини самарали ташкил этиш мақсадида кадастр идораларининг моддий-техник базасини яхшилаш зарурлиги айтиб ўтилган.

Қайд этилишича, бугунги кунда кадастр идоралари томонидан фойдаланилаётган геодезия ўлчов ускуналарининг асосий қисми маънан эскирган, фойдалана бошлангани 20 йилдан ошган.

Мавжуд 50 та геодезия станциялари иқтисодий фаол ҳудудларнинг атиги 50 фоизини қамраган — 12 миллион гектар. Барча ҳудудларни тўлиқ қамраб олиш учун қўшимча 80 та станция зарур.

Улашинг:

EnglishRussianUzbek
Free counters!
error: Content is protected !!