“Бу – солиқ тўловчиларнинг пули”. Иқтисодчи – ҳокимларнинг “сахийлиги” ҳақида

“Бу – солиқ тўловчиларнинг пули”. Иқтисодчи – ҳокимларнинг “сахийлиги” ҳақида
Фото: Ботир Қобиловнинг шахсий архивидан / Gazeta.uz

Ўзининг эмас, бошқаларнинг пулини сарфлаётган одам пулни тежашга ҳаракат қилмайди, дейди иқтисодчи Ботир Қобилов солиқ тўловчиларнинг пулини қаерга ишлатишни ҳал қилаётган ҳокимлар ҳақида.

Фарғона вилояти ҳокими 5 кг дан ортиқ вазн ташлаган ҳар бир одамга йўқотган ҳар бир килограмми учун 500 минг сўм ваъда қилди. Андижон вилояти ҳокими эса пиёда юришга тарғиб қилишда намуна бўлган маҳалла раислари ва профилактика инспекторларини Дубайга саёҳатга жўнатишини айтди.

Ҳокимларнинг сессияларда янграган бу баёнотлари ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди.

Ҳарвард университети докторанти, иқтисодчи Ботир Қобилов ҳам ҳолатга муносабат билдириб, ҳокимлар солиқ тўловчиларнинг пулларини ишлатаётганига эътибор қаратди.

“Аслида давлатнинг пули деган тушунча йўқлигини қайта-қайта айтиш керак. Солиқ тўловчиларнинг пули деган тушунча бор. Шунинг учун бу давлатнинг пулига келган, давлат тўлаб қўйган, давлатнинг ҳисобига қилинган, деган гапларга тузатиш киритиб, пуллар солиқ тўловчиларники эканлигини эслаб кетиш зарар қилмайди. Шу билан бирга, мамлакатдаги ҳеч нарса бепул эмас ва текинга келмаган.

Хуллас, пулни сарфлашнинг 4 йўли бор:
1. Ўзингизнинг пулингизни ўзингиз учун сарфлайсиз. Масалан, ўқишга тўлайсиз, кийим оласиз.
2. Ўзингизнинг пулингизни бошқалар учун сарфлайсиз. Масалан, дўстингизга совға оласиз.
3. Бошқаларнинг пулини ўзингизга сарфлайсиз. Масалан, корхона корпоратив карточкасига овқатланасиз (яхшилаб).
4. Бошқаларнинг пулини бошқаларга сарфлайсиз.

Биринчи ва иккинчи ҳолатларда сиз пулни тежашга ҳаракат қиласиз. Лекин, ўз пулингизни ўзингизга сарфласангиз қиймат/қайтимни кўпайтиришга ҳаракат қиласиз. Бироқ, бошқаларга сарфласангиз қиймат ҳақида нисбатан камроқ қайғурасиз.

Учинчи ва тўртинчи ҳолатларда эса сиз аксинча, пулни тежашга ҳаракат қилмайсиз. Учинчисида сизда ўзингизга қийматни максимал даражада кўпайтиришга мойиллик бор. Бироқ, тўртинчисида, яъни бировнинг пулини бировга сарфлашда сизда пулни тежашга ҳам, қийматни оширишга ҳам рағбат йўқ.

Буни нега ёзяпман? Сиёсатчилар, ижро ҳокимияти вакиллари ва айниқса сайланмаган ҳокимлар айнан тўртинчи гуруҳга мансуб ҳисобланади (баъзида учинчисига ҳам мансуб, дейишингиз мумкин, лекин бу бошқа мавзу). Улар йиғилган солиқ тўловчиларнинг пулларини сарфлайди; кимга, қаерга, неча пул деган қарорларни қабул қилади (бундай қарорларни қабул қилиш фақат парламентда бўлиши керак аслида, ижро ҳокимияти ёки ҳокимларда эмас).

Хуллас, уларнинг устидан назорат, ҳисобдорлик, шаффофлик бўлмаса, уларда пулга бўлган қайтимни максималлаштиришга рағбат ўзидан ўзи пайдо бўлмайди. Оқибатда бу бюджет, яъни солиқ тўловчиларнинг пуллари самарали ишлатилмаслигига олиб келади. Натижада бир амалдор иккинчисига сизга Ferrari олиб берамиз, бошқаси эса сизларни Дубайга таътилга юборамиз дейди ёки бошқасида тилладан 100 метрлик ҳайкал ўрнатиш хаёллари пайдо бўлаверади.

АҚШлик бир конгрессмен айтган экан: “Бир биридан фарқли уч тоифадаги одамлар – ёш болалар, ўғрилар ва сиёсатчилар – учаласи ҳам бошқа одамларнинг пулларини сарфлайдилар. Шунинг учун учаласининг устидан назорат керак”.

Узоқ орзудаги эмас, балки оддий ва нормал Ўзбекистонда парламентнинг кучи ижро ҳокимиятиникидан кўра амалда каттароқ бўлади, деб умид қиламиз, худди қонунда белгиланганидек. Депутатлар халқ вакили бўлса, ижро ҳокимияти бу ижрочи. Аслида мамлакатдаги ҳар бир инсоннинг ҳаётига таъсир этиш нуқтайи назаридан парламентнинг фаолияти ва депутатларнинг қарорлари ижро ҳокимиятиникидан кўра анча муҳимроқ бўлиши керак. Давлат харажатлари ҳақидаги қарорлар эса шу парламент доирасида қабул қилиниши керак бўлган энг муҳим қарорлардандир”, дейди Ботир Қобилов.

Бошқа бир иқтисодчи Отабек Бакиров ҳам ҳамкасбининг фикрларини қўллаб-қувватлади.
Миллат фаровонлигининг ибтидоси Парламент тузишдан бошланади”, дея ёзди у.

Улашинг:

EnglishRussianUzbek
Free counters!
error: Content is protected !!