Ислом Каримов — “3-4 секунддан кейин мен ўтирган машина ҳам портлаши мумкин эди”

Ислом Каримов — “3-4 секунддан кейин мен ўтирган машина ҳам портлаши мумкин эди”

Ҳар бир давлат тарихининг ўзига хос бурилиш нуқталари бўлади. Ўзбекистон миллий давлатчилигида 1999 йил 16 февраль воқеалари ана шундай из қолдирган. Пойтахтнинг бир неча ҳудудларида бирданига портлашлар уюштирилиши эндигина оёққа тураётган мамлакат учун жиддий руҳий зарба бўлган, ана шундан кейин Ўзбекистонда миллий хавфсизлик масалалари биринчи даражага кўтарилганди.

Бундан 23 йил муқаддам пойтахтдаги Мустақиллик майдони, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий банк бинолари ёнида 6 та портлаш юз берган. Булардан бештасида портловчи моддалар тўлдирилган енгил автомобиллар портлатилган. Портлашлар натижасида расмий маълумотларга кўра 16 киши қурбон бўлган, 100 нафардан ортиқ одам жароҳатланган. Айнан шу куни Вазирлар Маҳкамасида 1998 йил якунлари бўйича йиғилиш бўлиб ўтиши, унда давлат раҳбари Ислом Каримов иштирок этиши керак эди. Портлашларда бевосита президентга суиқасд қилингани маълум қилинган.

Ўша пайтларда президент матбуот котиби бўлиб ишлаган Азамат Зиёнинг эслашича, у Ислом Каримовни хавфсиз жойга кетишга ундаган. Аммо давлат раҳбари бунга жавобан: “Бу гапни бир марта менга гапирдинг, бошқа гапирмагин! Бу нафақат менга қаратилган, балки энг аввало, халқимизга, давлатимизга ва мустақиллигимизга қарши қаратилган хуруждир” деган ва айнан портлашлар содир бўлган жойга йўл олган.

Бу фақат Азамат Зиё томонидан очиқланган ҳолат. Катта эҳтимол билан давлат раҳбарининг хавфсизлигини таъминлаши зарур бўлган махсус хизматлар вакиллари ҳам Ислом Каримовга хавфсиз жойга кетиши зарурлигини билдиришган. Албатта, бу жиҳатлар ҳозирча сирлигича қолмоқда. Лекин шуниси аёнки, Ислом Каримов портлаш содир бўлган Вазирлар Маҳкамаси биноси ёнига боради ва ҳудудни шахсан ўзи кўздан кечиради. Одатда ўзини сездирмайдиган, кўзга ташланмайдиган тансоқчилар автоматлар билан унинг атрофида зич ҳалқа ҳосил қилиб юришади. МХХ раҳбари Рустам Иноятов ва ички ишлар вазири Зокиржон Алматов президентга ҳамроҳлик қилишади. 

Ислом Каримов воқеа жойида телевидениега интервью беради ва шундай дейди (мазмунан):

— Мана шу бинода шикастланган, яраланган инсонлар бор. Ўйлайманки, бунга кимдир чуқур тайёргарлик кўрган. Мақсад — халқ тинчлигини бузиш, президентни йўқ қилиш, қўрқитиш, ваҳима уйғотиш. “Мана, Ўзбекистонда тинчлик бузилди. Бизнинг бу давлатни йўлдан буришга кучимиз бор” деб одамларнинг кўнглига ғулғула солиш. Ғаразли ниятли инсонлар томонидан халқ фаровонлигига рахна солиш учун катта тайёргарлик кўрилган.

Лекин бизнинг қудратимиз етарли, ишонаманки, бу йўлдан, олиб бораётган сиёсатимиздан бизни ҳеч ким қайтара олмайди. Халқимиз ҳам буни қўллаб-қувватлашига ишонаман. Халқимизга мурожаатим, агар менга ёрдам бермоқчи бўлсангиз ваҳима қилманг. Бу муттаҳамларни нафақат жойига қўйиш, балки қўлини кесиб ташлашга кучимиз етади…

Бу пайтда одатдаги тартибда ишлаётган марказий телеканалда “Шайтанат” сериалининг намойиши кетаётганди. Эфир тўхтатилади ва шошилинч тарзда портлашлар ҳақида хабар берилди. Кейинчалик ахборот дастурларида гумонланувчи шахслар суратлари ҳам кўрсатилди ва уларни қўлга олишда асосли хабар йўллаганларга 240 минг АҚШ доллари миқдорида мукофот пули ваъда қилинди. Айтиш жоиз, бу ўз даври учун жуда катта маблағ бўлиб, Ўзбекистоннинг йирик шаҳарларида 1,5-2 минг долларга яхшигина хонадон сотиб олиш мумкин бўлган.

Асосий гумондорлар сифатида диний радикализм йўлини тутганлар кўрилди. Умуман, мустақилликка эришган Ўзбекистонда 1999 йилга қадар ҳам ваҳҳобийлик деган умумий ном остида ақидапарастлик, диний радикализмга қарши кураш бошланган, кўпчилик жавобгарликка ҳам тортилганди.

16 февраль воқеаларидан кейин Ўзбекистонда хавфсизлик масалаларида кескин қарорлар қабул қилинди, асосий бинолар тўсиб олинди ва қўриқлашга жиддий аҳамият берилди, МХХ ваколатлари кенгайтирилди, ақидапарастлик, радикализм бўйича жавобгарлик кучайтирилди, жуда кўпчилик бу айбловлар билан ҳибсга олинди. Портлашларда иштирок этган бир неча жиноятчилар суд ҳукми билан олий жазога ёки узоқ муддатли қамоқ жазоларига ҳукм қилинди. Ўзбекистонда кўпчилик диний мотивлар билан таъқиб қилиниши айрим давлатлар томонидан танқид қилинди. Аммо февраль воқеаларидан кўп ўтмай АҚШда 11 сентябрь воқеалари юз берди ва шундан кейин терроризмга қарши кураш йўлида ҳеч нарсадан қайтилмайдиган вазият юзага келди.

Орадан 3 кун ўтиб, Остона шаҳридаги саммитда иштирок этган Ислом Каримов матбуот анжуманида воқеалар бўйича ва портлашлар хронологияси тўғрисида сўзлаб берди:

— 16 февраль куни Тошкент шаҳрида рўй берган террористик ҳужумлар ҳақида уч қисмга бўлиб жавоб бермоқчиман. Биринчидан, ушбу терактлар давлат раҳбарини мамлакат тепасидан олиб ташлаш учун амалга оширилди десам ҳам бўлади. Янада қўполроқ қилиб айтадиган бўлсам, президентни ўлдириш мақсадида амалга оширилди.

Одатда мен мажлисларга 10-15 дақиқа олдинроқ келаман. Лекин шу куни озроқ кеч қолдим, балки Аллоҳ мени сақлагани шудир… Портловчи моддалар тўлдирилган машина бино ёнига қўйиб кетилган, ундан тушиб қочган икки йигит автоматларда ўқ узишган. Мана шу пайтда мен ўтирган машина ҳудудга кириб келаётган бўлган. Қўриқлаш хизматимиз бошлиғи Рустам Ходжаев олдимизга югуриб чиқиб, қичқириб йўлдан қайтарди ва шу тарзда машинани тўхтатиб, менинг ҳаётимни қутқариб қолди. Агар яна 3-4 секунд юрганимизда портловчи моддалар билан тўлдирилган машина ёнига келардик ва машинамиз ҳам портлаб кетарди.

Экспертлар фикрича, портловча моддалар жойланган машиналарнинг ҳаммаси масофадан туриб портлатилган. Портлаш шунчалик кучли бўлганки, ўша машина парчалари 500 метргача учиб кетган. Қолган барча портлашлар чалғитувчи бўлган.

Портлашларни ким уюштирган деган саволга келсак, бизга маълум бўлишича, улар диний экстремистлардир. Бунинг ортида ким турибди, деган саволга ҳозирча жавоб бера олмайман.

Улашинг:

EnglishRussianUzbek
Free counters!
error: Content is protected !!