Андижонда Наврўз шукуҳи

Андижонда Наврўз шукуҳи

Андижонда “Ассалом, Наврўз – янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми» деб номланган байрам тадбири бўлиб ўтди.

Эрта тонгдан янграган карнай-сурнай садолари, Деҳқон бобо, Наврўзой ва миллий либосдаги жарчилар барчани Наврўзи олам билан муборакбод этиб, байрам шодиёналарига чорлади.

Байрам шодиёналари ўтказилган Андижон шаҳридаги Олимпия захиралари спорт коллежи ёпиқ манежининг кириш қисмида намойиш этилган ҳунармандчилик маҳсулотлари, миллий либослар, шунингдек, миллий ва баҳорий таомлар кўргазмалари юртимиздаги тўкинлик, файзу бараканинг нишонаси бўлди.

Айниқса, Юнусали Ғозиев раҳбарлигидаги “Андижон самоси” дорбозлар жамоасининг томошалари, спортчилар, жажжи болажонларнинг кўргазмали чиқишлари барчага хуш кайфият улашди.

Вилоятнинг туман ва шаҳарлари, бошқарма, корхона ва ташкилотлари, муассаса ва маҳаллалари вакиллари, меҳнат фахрийлари иштирокидаги байрам тадбири юртимиз мадҳияси ижроси билан бошланди.

Байрам тадбирини Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов  табрик сўзи билан очди. Барчани халқимизнинг қадим ва навқирон байрами – Нарўзи олам билан муборакбод этди.

– Она Ватанни севиш ва ардоқлаш, ҳаёт гултожи бўлмиш инсонни қадрлаш, Ватанга муҳаббат ва садоқат каби эзгу ғояларни ўзида мужассам этган Наврўз халқимизнинг энг қадимий байрамидир, — деди вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов. – Асрлар давомида эл-юртимизнинг олижаноб орзу-интилишларини ифода этиб келаётган Наврўз мустақиллик йилларида янгича маъно-мазмунга эга бўлиб, том маънода умумхалқ байрамига айланди. Шунинг учун ҳам ушбу қутлуғ айёмни ҳар бир хонадон, ҳар бир оила катта орзу-ниятлар билан кутиб олмоқда.

Дарҳақиқат, жорий йилда Наврўз байрамини андижонликлар ҳам ўзига хос ютуқлар билан кутиб олди. Биргина Наврўз байрами кунлари вилоят бўйича 44 та ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари фойдаланишга топширилди. Натижада кўплаб янги иш ўринлари яратилди.

Наврўзи олам байрам тадбири барчага хуш кайфият улашди. Баҳорий таомлар, миллий ва ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмалари, театр жамоалари, турли ансамбллар, дорбозлар, аскиячилар, жажжи болажонларнинг чиқишлари байрам тантаналарига ўзгача файз киритди.

–  Наврўз шодиёналарида миллий қадрият ва анъаналаримиз тараннум этилмоқда, – дейди Шаҳрихон туманидаги 53-ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби директори, Ўзбекистон Қаҳрамони Камолиддин Ғопиров. – Халқ ўйинлари, фольклор санъатининг энг яхши намуналари, шўх қўшиқ ва лапарлар баҳорни, Наврўзни соғинган дилларга хушнудлик бахш этмоқда.

Наврўз байрами саҳнасида намойиш этилган куй ва қўшиқлар барчага кўтаринкилик ва хуш кайфият улашди.

– Тобора юксалиб, обод бўлиб бораётган юртимизга фақат байрамлар ярашади, – дейди меҳнат фаҳриси Манзурахон Эгамова. – Бугунги байрамда мен каби кўплаб фахрийлар иштирок этмоқда. Очиғи, байрамда қизиқчи ва  санъаткорларнинг чиқишларидан мириқиб дам олдик. Тинч ва фаровон ҳаётимизга асло кўз тегмасин.

Байрам шодиёналарида вилоятда яшаётган қирғиз, рус, корейс, уйғур ва бошқа турли миллат вакиллари ҳам ўз анъана ва урф-одатлари намойиши билан иштирок этди.

– Узоқ йиллар маданият соҳасида ишлаб нафақага чиққанман, — дейди Андижон вилояти Уйғур маданий маркази раҳбари Адолатхон Қўлдошева. — Миллатим уйғур бўлса-да, Ўзбекистонда туғилиб ўсдим, ўзимни шу юрт фарзанди, деб биламан. Ҳеч қачон ўзимни шу юртдан айро тасаввур қила олмайман. Бугунги Наврўз байрами тантаналарида иштирок этаётганимдан беҳад мамнунман. Юртдошларимиз, айниқса, ёшларимизнинг қувончини кўриб, кўнглимиз тоғдай кўтарилди.

Юқори кўтаринкилик билан ўтган Наврўз байрами шодиёналари андижонликлар қалбида Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларимизга ҳурмат, ўзликни англаш, эртанги кунга ишонч туйғуларини янада мустаҳкамлади.

Наврўз байрами шодиёналари Андижоннинг барча туман ва шаҳарларида, меҳнат жамоалари, маҳаллаларида кўтаринкилик билан давом этмоқда.

Улашинг:

EnglishRussianUzbek
Free counters!
error: Content is protected !!